Наставник - сайт Открытых уроков. Учителя Казахстана. Образование в Казахстане
.
.
Интерфаол ўйинлар – таълим самарадорлигини ошириш гарови -

Интерфаол ўйинлар – таълим самарадорлигини ошириш гарови

Сабақ жоспары | Документы | Қосымша сабақ жоспары Загрузок: 0 | Просмотров: 2798 | Размер: | Автор: гость
. Оңтүстік Қазақстан облысы, Түркістан қаласы,
«Қарашық» жалпы орта мектебінің
өзбек тілі мен әдебиеті пәнінің мұғалімі
Ибатов Абдулла Убайдуллаевич
Интерфаол ўйинлар – таълим самарадорлигини ошириш гарови

Кейинги пайтда педагогик технологиянинг интерфаол усули таълим тизимларида кенг фойдаланилмоқда. Мазкур усулнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у ўқувчиларни фаоллаштиради, суст ўзлаштирувчи ўқувчиларни ҳам ҳаракатлантиради, таҳлил қилиш, хулоса чиқаришга ўргатади. Уларда кўнглидагини айтиш жасоратини уйғотишга, ижодий имкониятларини намоён қила билишга, таҳлил қилиш, хулоса чиқаришга ўргатади.
Интерфаол атамаси инглизча interact-ўзаро таъсирлашиш (ёки interaction - ўзаро таъсир) сўзидан олинган бўлиб, бирор фаолият ёки муаммони ўзаро мулоқотда, ўзаро муомалада, ўзаро баҳс – мунозара, дебат усулида, фикрлашиш асносида, ҳамжиҳатлик билан ҳал қилиш маъносини англатади.
Интерфаол ўйин технологияси педагогик технологияларга мансуб бўлиб, у ўқувчи фаолиятини мукаммаллаштиришда фаоллик кўрсата олади. Бу технологияни қўллаш ўқув жараёнига иштирок этишни фаоллаштиришнинг бир усулидир. Ўқувчининг тафаккур ривожига қаратилган ўйинлар ўқувчининг ижодий истеъдодини, хотира ва диққатини ўстиради. Шунинг учун ҳам ўқувчиларнинг ўйинга эҳтиёж ва интилишларини маълум таълимий мақсадларга қаратмоқ лозим. Агар ўйин педагогик жараёнга хизмат қилса, унда у таълим ва тарбия воситасига айланади. Ўйин фаолияти – вақтни бўш ўтказиш эмас, аксинча, ўқитишнинг энг самарали усулидир.
Ўйин ижтимоий, ҳиссий, ижодий ва жисмоний кўникмаларини ривожлантиради. Ўйин болаларни бир – бири билан мулоқотда бўлиш, маълум тартиб – қоидаларни сақлашга, ўзини бошқара билишга, ҳамкорликда бўлишга, бошқаларнинг фикри билан ҳисоблашишга, уларнинг хоҳиш – истакларини эътиборга олиш, берилган вазифани диққат билан бажаришга ўргатади. Ўйинлар юқорида айтилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда дарс жараёнида ўз қоидаларига эътибор берилиб ташкил қилинса, ўқитишнинг самарали бўлишига ўз ижобий таъсирини кўрсатади.
Интерфаол ўйиннинг хусусиятлари:
- Унинг аниқ мақсади бор. Бошқача айтганда, педагог ўйиндан дарсда мақсадга мувофиқ фойдаланади.
- Унинг аниқ қоидалари бор.
- Ўйнаётганларнинг танлаш эркинлиги бор, улар ўз ихтиёри билан ўйиннинг олиб борилишига таъсир эта олади.
- Ўйин иштирокчилари ўйин орқали бирон-бир нарсани ўргана олади.
- У қизиқ ва шуниси билан болаларни ўзига жалб этади, тез ҳаракат қилишга туртки боради.
Қуйида ўйин – топшириқлар намунаси берилди
1. «Зукколар» ўйини. Ўйиннинг мазмуни: синф ўқувчилари 2 гуруҳга бўлинади: бошловчи ҳар бир гуруҳга сўз туркумига оид 1 сўздан айтади ва синонимик қатор ҳосил қилиш топширилади. Қайси гуруҳ кўп топса, ғолиб ҳисобланади (Масалан, чақирди, таклиф қилди, чорлади.)
2. «Кесимни тикла» ўйини. Ўйиннинг мазмуни: ўқитувчи ёки ўқувчилар кесими тушириб қолдирилган бирон гап айтади. Ўйинга қатнашаётган бошқа ўқувчи гап мазмунидан келиб чиқиб, кесимни тиклайди. М: Муқаддас унинг олдида . . . (довдираб қолди, мулзам бўлди, қизариб кетди, ўзини йўқотиб қўйди ва ҳ. к.)
3. «Тойни сойга олиб бор» ўйини. Ўқувчиларга той сўзини товушдош сўзлар топиш орқали сой сўзигача олиб бориш топширилади. (Масалан, той, бой, лой, чой, мой, . . . сой).
4. «Антиқа сўзлар» ўйини. Ўқувчиларга ҳар иккала томонидан ўқилганда ҳам бир хил маъно билдирувчи сўзлар топиш топширилади (М: арра, қудуқ, қолоқ, қовоқ, нодон, қозоқ каби).
5. «Домино» ўйини. Ўйинни бир партада ўтирган икки ўқувчи ўртасида ёки қаторлараро ташкил этиш мумкин. Уларга бирор-бир фонетик ҳодисага тааллуқли сўзлар (масалан, қатор келган қўш ундошли сўзлар, худди шундай ёнма-ён келган қўш унлили сўзлар ва ҳ. к.) топиш топширилади. Бу вазифани бажаришда фаол бўлган ўқувчилар ғолиб саналади.
6. «Ўз ўрнингни топ» ўйини. Ўйин мазмуни: 5-6 ўқувчи синф олдига чиқарилади ва уларнинг қўлига қўшма сўзларнинг бир ўзаги ёзилган варақ тарқатилади. (М: гул . . ., . . . обод каби). Шу сўзларнинг қолган ўзаклари (масалан, беор, чамбар, қоғоз, ғунча, даста, Акбар, Ҳайдар, Меҳнат каби) ўйинга қатнашувчи ўқувчилар томонидан топтирилиб қўшма сўз ҳосил қилинади.
7. «Оддий, қиёсий, орттирма даража» ўйини. Ўйиннинг мазмуни: синф ўқувчилари 3 гуруҳга бўлинади, уларнинг ҳар бири маълум бир сифат даражасига масъул бўлади.
Ўқитувчи маълум бир сўзни бергач (масалан, рўмол), гуруҳлар шу сўз билан боғланадиган сифатларни топадилар;
І гуруҳ. Рўмол – оқ, қизил, кўк, қора, чиройли, катта, кичик, шоҳи ва ҳ.к.
ІІ гуруҳ. Рўмол – оқроқ, қизилроқ, каттароқ.......
ІІІ гуруҳ. Рўмол – энг катта, энг чиройли, энг кичик....
8. «Ижодкор» ўйини. Ўйиннинг мазмуни: ўқувчилар икки гуруҳга ажратилади. Биринчи гуруҳ эгаси от билан ифодаланган гапларга мисоллар келтиради. Иккинчи гуруҳ эса, шу гаплардаги эгани олмош билан алмаштириб, уни давом эттирадилар. Намуна:
І гуруҳ ІІ гуруҳ
Мевалар ғарқ пишди. Уни йиғиб – териб олиш учун киришилди.
9. «Типография» ўйини. Ўйиннинг мазмуни. Берилган узун сўздан фойдаланган ҳолда бошқа янги сўзлар тузиш. Ким кўп сўз тузса, шу ғолиб ҳисобланади. Масалан: муваффақият сўзидан: вақт, фақат, вақф, уят, муваффақ, муваққат, уф, Афифа, муфти, муқим ва ҳ. к.
10. «Матнни тўлдиринг» ўйини. Ўйиннинг мазмуни: ўқувчиларга вазифа: сизнинг столингизда турли матнлар ётибди. Матнда тушириб қолдирилган қисмлари бор. Маъносига қараб матнни тўлдиринг. Вазифа бажарилиб бўлингач, ўша матннинг тўлиқ вариантини ўқитувчидан олиб, иккала матнни таққослайдилар ва изоҳ борадилар. Бу ўйин ўқувчиларнинг сўз бойлигини орттиради ҳамда фикрлаш қобилиятини ривожлантиради.
11. «Изоҳли луғат» ўйини. Ўйиннинг мазмуни. Доска ёнига чақирилган ўқувчи кўзини юмиб, доскада ёзилган сўзлардан бирини кўрсатади. Вазифа: кўзингизни очинг, сўзни ўқинг ва унинг маъносини тушунтириб беринг (шу сўзлар иштирокида гап тузинг). Ким сўзнинг маъносини кўпроқ ва кенгроқ изоҳлаб берса, шу ғолиб ҳисобланади.
12. «Фақат пичирлаш» ўйини. Бу ўйин орқали тўғри талаффуз этишга ўргатиб борилади. Вазифа: ўқувчиларга фақат пичирлаб, худди сахнадагидай қаттиқ пичирлаб гапириш топирилади. Ким адашиб баралла гапириб юборса, унга жарима солинади. (шеър ёки қўшиқ айтиб беради).
13. «Луғат» ўйини. Вазифа: мавзуга оид сўзлар тизимини тузиш. Ўқитувчи 3-4 дақиқа вақт беради. Ким кўп сўз тузса, шу ғолиб ҳисобланади.
14. «Билағон» ўйини. Вазифа: Ўқитувчи бирор бир ҳарфни айтади. Ким ўша айтилган ҳарфга кўпроқ сўз топа олса, ўша ғолиб бўлади.
15. «Кубик» ўйини. Қалин қоғоздан ясалган кубик томонларига мамлакат, исм, оила аъзолари исми ва ҳоказо ёзилган бўлади.
Ўқувчилар стол атрофига тўпланишади. Кимга қандай ёзув тушса. Шу сўзга мос бўлган жумла тузиши керак.
16. «Бузуқ телефон» ўйини. Ўйиннинг мазмуни: Ўқувчиларга айрим сўзлари туширилган жумла айтилади. Буни ўқувчилар бир-бирларига ҳам айтиши мумкин. Туширилган сўз жумла мазмунига монанд қўйилиб айтилади. Ким тез ва тўғри бажарса, ғолиб ҳисобланади.
Хулоса қалиб айтганда, интерфаол ўйинлар бола шахсиятининг барча томонларини шакллантиради, унинг руҳиятида сезиларли ўзгаришлар содир этади. Шунинг учун ҳам ўқитувчи ўрганилаётган ҳар бир тил ҳодисасининг ички имкониятларини аниқлаши, сўз устида ишлаш жараёнини тўғри ташкил этиши, болаларни қизиқтирадиган ижодий – амалий ишлардан фойдаланиши зарур.

Фойдаланилган адабиётлар:
1. Абдиқаюмов З.А. Замонавий таълим технологиялари. Тошкент, "Янги аср", 2003.
2. Алметов Н.Ш. Ҳозирги замон таълимий технологиялари. Шымкент, 2001.
3. Турдиев Н.Ш. Янги педагогик технологияларнинг йўналишлари, муаммолари ва ечимлари. Тошкент, 1999.
4. Саидова М.М. Ўзбек тили дарсларининг самарадорлигини оширишда лингвистик ўйинлардан фойдаланиш. Шымкент, 2008
5. Мухитдинова Э.К., Мусаева М.О., Маккамбаева Г. Интерфаол ўйинлар асосида ўқув жараёнини ташкил этиш. Шымкент, 2009.
6. Сирожиддинов Д. Грамматик ўйинлар, Тошкент, 1996.
Скачать методички (классные уроки) для учителей по разным предметам: история, литература, физика. Как провести урок с учеником, вам поможет грамотно составленный план урока. Занятия по математике, литературе, физике, информатике, химии, психологии.
.